Қалб кўзи берклигининг далили » MurodBek.net - Самые Новые Узбекские Песни

0

Қалб кўзи берклигининг далили

  • Опубликовал: Murod(abadiy)
  • Дата: 08/06/2018, 12:10
  • Просмотров: 9

Сенга кафолати берилган нарсада ижтиҳод қилмоғинг ва сендан талаб қилинган нарсада камчиликка йўл қўймоғинг сендаги қалб кўзининг беркилганидир.

Бандага кафолати берилган нарсаларнинг бири ризқидир. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари таърифида «Аллоҳ таоло одамлар ва ҳайвонлардан иборат Ўз махлуқотларига берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий ҳар бир нарса ризқдир».

Аллоҳ таоло оқил ва оқилмас, катта ёки кичик ҳар бир инсонга, ҳар бир ҳайвонга берган ва улар манфаатланадиган емиш, ичимлик, кийим ёки маскан уларнинг ризқидир.

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг уларни яхшиликка муваффақ қилиши, тоатларга йўллаб қўйиши ҳам ризқдир.

Аллоҳ таоло “Ҳуд” сурасида марҳамат қилади: «Ер юзидаги жонзот борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг қароргоҳларини ҳам, сақланиб турадиган жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобда бордир» (6-оят).

Ер юзида ўрмалаган нарса – одамзод, ҳайвонот, ҳашарот, қурт-қумурсқа ва бошқа жонзотлардир. Шуларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Ҳаммасининг юргани, тургани, туғилгани ва бошқа ҳолатларини билади. Буларнинг ҳаммаси очиқ-ойдин ва равшан китобда ёзиб қўйилгандир.

Аллоҳ таоло “Анкабут” сурасида марҳамат қилади: «Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир. Ва У ўта эшитувчидир, ўта билувчидир» (60-оят).

Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак, кўпгина жонзотлар ризққа муҳтож бўлганида уни тановул қилишдан бошқа нарсани билмайди. Ризқ топиш учун ҳаракат ҳам қилмайди. Ризқни ўзи билан кўтариб ҳам юрмайди. Ўзига ризқ жамғармайди ҳам. Фақат ризқ керак бўлганида, уни тановул қилади, холос. Аммо бирортаси ризқ тополмасдан, очликдан ўлиб ҳам қолмайди. Ризқини териб, еб юраверади.

Фақат инсонгина ризқ тўплашни одат қилган. Илоҳий таълимотлардан узоқ бўлган кўпгина одамлар ҳаётни ризқ-рўз учун курашишдан иборат, деб ўйлайдилар. Улар ўзларича, ризқни ўзимиз топмоқдамиз, деб гумон қиладилар.

Аслида эса «Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир».

Яъни ўз ризқини ўзи кўтара олмайдиган ўша жонзотларга ҳам, инсонларга ҳам ризқни Аллоҳ таоло беради.

Банданинг ўзига Аллоҳ таоло томонидан кафолати берилган ризққа ўхшаш нарсаларда ижтиҳод қилиб – бутун имкониятини ишга солиб, тинмай типирчилаши, ундан Аллоҳ таоло талаб қилган ибодатга ўхшаш нарсаларда камчиликка йўл қўймоғи ундаги қалб кўзининг беркилганидир. Чунки у ишни нотўғри қилди, ҳаракатни ноўрин қилди. Балки ишни тескари қилди. У ўзига Аллоҳ таоло томонидан кафолати берилган нарсага жон-жаҳди билан уриниб, Аллоҳ таоло ундан талаб қилган ишни унутди, камчиликка йўл қўйди.

«Танвийр» китобининг соҳиби бу борада қуйидагиларни ёзади: «Қандай қилиб сенда ақл ёки калб кўзи бўлсин?! Ахир сенинг ўзингга кафолати берилган нарсага қилган аҳамиятинг сендан талаб қилинган нарсага аҳамият беришдан кесиб қўйди-ку! Ҳатто баъзилари: «Албатта, Аллоҳ бизга дунёнинг кафолатини берган ва биздан охиратни талаб қилган. Кошки, бизга охиратнинг кафолатини бериб, биздан дунёни талаб қилганида эди», дейдилар».

Шайх Аҳмад Зарруқ дейди: «Кафолати берилган нарсага жон-жаҳди билан уринишнинг аломати учтадир:

1. Қўлга кирмай қолган нарсага афсус қилиш.
2. Ҳосил йиғишда тақвони йўқотиш.
3. Сабабни ишга солишда таъкидланган ҳақларни унутиш.

Унинг аксининг аломати ҳам учтадир:

1. Воқе бўлган нарсага рози бўлиш.
2. Талабда тақводор бўлиш.
3. Сабабларни ишлатишда одобга риоя қилиш».

Албатта, ризқни топиш учун инсон сабабларни ишга солиши керак бўлади. Бу шариатнинг талабидир. Аммо баъзи одамлар ризқ топишни ҳаётнинг мағизи деб тушунадилар. Улар ҳаётнинг асоси мол-дунё ва бойликдан иборат, деган хаёлга бориб қоладилар. Натижада дунёнинг қулига айланиб, унинг айтганини қиламан деб, ибодатни ҳам унутадилар. Пул топиш илинжида овора бўлиб, намоз ўқишни, рўза тутишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Баъзи кишилар уларга намоз ўқиш, рўза тутиш ва бошқа фарз, вожиб ибодатларни адо қилиши кераклигини айтса, «Ишим кўп, уларни адо қилишга вақтим йўқ», дейдилар. Ушбу биз ўрганаётган ҳикмат худди шунга ўхшаган одамларга қаратилгандир.

Бундай одамлар унинг учун Аллоҳ таоло кафолатини берган ризқни топаман деб, Аллоҳ таоло улардан талаб қилган ибодатларни адо қилмайдилар ёки уларни адо қилишда камчиликка йўл қўядилар. Оқибатда қалб кўзлари кўр бўлиб қолган тоифалар жумласига қўшиладилар. Бу эса оғир мусибат бўлиб, икки дунёнинг бахтсизлигидан иборатдир.

Мўмин киши ризқ Аллоҳ таолодан эканига иймон келтирганидан кейин очкўз бўлмайди ва ҳаромга қўл урмайди. У ҳалол, пок йўл билан ризқини териб ейишни йўлга қўйиб, қаноат билан саодатли турмуш кечиради.

Аллоҳ таоло барчамизни кафолати берилган нарсада ижтиҳод қилишдан ва биздан талаб қилинган нарсада камчиликка йўл қўйиш ила қалб кўзимиз беркилиб қолишидан Ўзи асрасин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
“Хислатли ҳикматлар шарҳи” китобидан.


DO'STLARINGA TAVSIYA ET!!!

Коммент

    Всего комментариев: 0
    avatar
    Наверх © 2018 | by Coder Murod (Abadiya) |