Кўктепадан Чимбулоққача: Олмаота бугун қандай яшамоқда » MurodBek.net - Самые Новые Узбекские Песни

0

Кўктепадан Чимбулоққача: Олмаота бугун қандай яшамоқда

  • Опубликовал: Murod(abadiy)
  • Дата: 12/06/2018, 21:52
  • Просмотров: 11

 

Олмаота — Қозоғистоннинг эски пойтахти. Унга 1854 йили асос солинган. 1997 йили қўшни давлатнинг пойтахти Остона шаҳрига кўчирилган. 2017 йилгача Олмаота Қозоғистоннинг ягона миллионер шаҳри саналарди. 2017 йилдан бошлаб Остона ҳам аҳолиси миллиондан ошган шаҳарга айланган.

2018 йил 1 февраль кунги маълумотга кўра, шаҳарнинг аҳолиси 1.806.833 кишини ташкил этмоқда. (Биз Тошкент шаҳрини аҳолисининг кўпайишини прописка билан чеклаб юрган паллада Олмаота яқин йилларда Марказий Осиёнинг энг йирик шаҳарига айланиб кетиши мумкин — Ш.Ш.).

Олмаота Илиорти Олотови тоғи этагида жойлашган. Шаҳар яшилликка бурканган — дарахтлари жуда кўп. Шаҳар аксарият кўчалари дарахтларнинг кесилиши эвазига кенгайтирилмаган. Фурманов кўчасига Назарбоев исми берилиб, кўча кенгайтирилиб, айрим дарахтларнинг кесилгани шаҳар аҳолисининг катта норозилигини келтириб чиқарган. Айни пайтда шаҳар кўчаларида чим ва гуллар астойдил парвариш қилинади, суғорилади. Дарахтларнинг кесилган шохлари ўрни махсус препаратлар билан ишланади.

Олма ота айни вақтда Қозоғистоннинг йирик иқтисодий маркази ҳисобланади. Кўплаб халқаро ва хорижий корхоналарнинг Марказий Осиёдаги ваколатхоналари айнан шу шаҳарда жойлашган (уларнинг аксарияти Тошкентдан бу шаҳарга кўчгани жуда ачинарли, албатта — Ш.Ш.).

Олмаотанинг шарқий қисмида Кўктепа тепалиги бор у ерда Олмаота телеминораси қад кўтариб турибди. Ўша ердан шаҳарга қараб осма йўл — фуникулёр тортилган. Атиги 1000 танга (24 минг сўм эвазига) бир томонга қараб тушишингиз мумкин.

Шаҳардаги «Қозоғистон» меҳмонхонаси ўз вақтида Марказий Осиёнинг энг баланд иншооти бўлган ва у 1975–1977 йилларда барпо этилган. У архитектура ёдгорлиги деб топилган. У 26 қаватдан иборат бўлиб, 102 метр баландликка эга.

Меҳмонхона ёнида Республика саройи жойлашган. Унинг олдида Қозоқ оқини Абай Қўнанбоев ҳайкали ўрнатилган.

Олмаота шаҳрида машиналар тезлиги соатига 60 км.гача чегараланган. Қозоғистонда машина ойналарини қорайтириш мумкин. Бунинг учун ҳеч қандай тўлов талаб қилинмайди. Фақат машинанинг орқа қисмидаги ойналар қорайтирилади. Машиналар кундуз куни ҳам чироғини ёқиб юриши шарт. Кўчалар тўлиқ камера билан таъминланган. Ҳайдовчиларнинг ўзаро ва пиёдаларга бўлган ҳурмати жуда юқори.

Шаҳар бир пайтлар пойтахт бўлгани сабабли бу ерда кўплаб ҳайкаллар, расмий идоралар жойлашган.

Қозоғистоннинг эски пойтахти Илиорти Олатови этагида жойлашганини айтиб ўтдик. Бир қарашда шаҳарнинг ҳавоси мусаффо бўлиши керакдек туюлса-да, аслида аҳвол бошқача. Олмаота чуқурликда жойлашгани ва шаҳарда машиналар ҳаддан зиёд кўплиги, кўчалар торлиги ва тирбандликлар тез-тез рўй бериб туриши эвазига шаҳар узра смог ҳосил бўлади. Буни айниқса Чимбулоқ тоғ чанғи базасидан тушиб келишда яққол кўриш мумкин.

Медеу спорт мажмуасига чиқиб боришда тоғ йўлида шаҳарнинг энг бадавлат кишилар қурган ҳашаматли ҳовлиларга кўзингиз тушиши мумкин. Тоғда ҳали эрта баҳор. Чечаклар очилиб турибди.

Медеу спорт мажмуаси бу ердаги табиий муз учиш майдони билан аввалдан машҳур. Унинг ортида дамба жойлашган бўлиб, у Олмаота устига ёпирилиши мумкин бўлган сел оқимларидан шаҳарни ҳимоя қилади. Ана шундай сел ва шамол бир йили тоғдаги жуда кўплаб арчаларнинг бошига етган. Суратларда синиб, қуриб ётган арчаларга кўзингиз тушса билингки, бу ўша табиий офат оқибати.

Медеудан Чимбулоққача арқонли осма йўл (канатная дорога) хизмати жорий этилган. Осма йўл рентабелли бўлиши учун ундан юқорисига автомобиллар қўйилмайди. Бироқ биотаксилар чизни Чимбулоққача олиб бориши мумкин. Йўл ҳақи киши бошига 1500 танга — 37500 сўм!

Чимбулоқ базасида ҳамашатли дала ҳовлилар қурилган. Ҳанузгача у ерда эримаган қорга кўзингиз тушиши мумкин. Энг катта ва чиройли дала ҳовли — Назарбоевники. «Ҳарқанча миллиардер бўлманг, бу ерда дала ҳовли учун ер ололмайсиз. Бунинг учун Назарбоевга яқин одам бўлишингиз керак», — дейди таксичи дала ҳовлиларга ишора қилиб.

 

Олмаотада такси ва озиқ-овқат жуда қиммат. Нархлар Тошкентдагидан деярли 2-3 баробар фарқ қилади. 1 қозоқ тангаси 24 сўмга тенг эканлигидан келиб чиқсак, ёқилғи у ерда арзон эканлигига гувоҳ бўламиз. 95 маркали бензиннинг 1 литри 176 танга (4224 сўм), 92 маркали бензин 158 танга (3792 сўм), дизел ёқилғиси 171 танга (4104 сўм) ва пропан ёқилғиси литри 81 танга (1944 сўм).

Хуллас, Марказий Осиёнинг иккинчи катта шаҳри мана шундай яшамоқда. Балхаш кўлида чўмилиш мавсуми яна бир ҳафтадан сўнг очилади. Олмаота сизга мунтазир!


DO'STLARINGA TAVSIYA ET!!!

Коммент

    Всего комментариев: 0
    avatar
    Наверх © 2018 | by Coder Murod (Abadiya) |