0

Тошкент халқаро туризм кўргазмасининг фаол иштирокчилари тақдирланди

  • Опубликовал: Murod(abadiy)
  • Дата: 05/10/2018, 22:06
  • Просмотров: 11

 

Бугун, 5 октябрь куни XXIV Тошкент халқаро туризм кўргазмасининг расмий ёпилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар беради KUN.UZ мухбири.

"Ипак йўлида туризм 2018" номли Тошкент халқаро туристик ярмаркасининг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб, кўргазмада фаол иштирок этган соҳа мутахассислари ҳамда ушбу йўналишда самарали ҳамкорлик қилган иштирокчи ва меҳмонларга самимий миннатдорчилик билдирди. У Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилаётгани, қатор хорижий давлатлар учун визасиз режим йўлга қўйилгани ва тез орада яна бир мамлакатга визасиз режим эълон қилинишини маълум қилди.

"Уч кун давомида Ўзбекистон ҳудудларининг ёрқин ва ранг-баранг туристик салоҳияти, Шарқ бозорининг ажойиб ярмаркаси, миллий ошхона, ҳунармандлар шаҳарчаси, рассомлар аллеяси, шунингдек таълим ва тиббиёт туризми каби янги йўналишларга гувоҳ бўлдингиз. Тошкент халқаро туристик ярмаркаси туризм йўналишидаги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, тажриба алмашиш учун асосий майдон бўлиш билан бирга, йилдан-йилга Ипак йўли маданий-тарихий ҳамда табиий мероси тарғиботига, сайёҳлар оқимининг ошишига катта таъсир кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистон учун бу шунингдек халқаро ва давлатлараро меъёрлар ва нормаларни сайёҳлик амалиётига татбиқ этиш ҳамда ушбу соҳадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун туртки ҳамдир", - дея таъкидлади Азиз Абдуҳакимов.

У туризмни ривожлантиришга йўналтирилган барча саъй-ҳаракатлар ҳам туризм саноати вакиллари, ҳам хорижий сайёҳлар учун қулай шароит яратишга қаратилганини қайд этди. Ушбу ярмарка кўплар учун самарали, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликнинг бошланиши бўлиб хизмат қилишига умид билдирди.

Шундан сўнг Азиз Абдуҳакимов турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларни қутлаб, уларга эсдалик совғаларини топширди.

Бундан аввал KUN.UZ'да хабар берилганидек, "Ипак йўлида туризм" кўргазмаси икки - Миллий ва Халқаро павильонларда ўтказилди.

Миллий павильоннинг энг яхши стенди номинацияси бўйича Бухоро вилояти ғолиб деб топилди.

Халқаро павильоннинг энг яхши стенди номига эса Хитой Халқ Республикаси ва Таиланд стендлари сазовор бўлди.

Туркия Республикаси элчихонасининг маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчиси Жесим Челеби Ўзбекистон билан кўп йиллик ва самарали ҳамкорлик учун тақдирланди.

Туризм ривожига қўшган ҳиссаси учун Ҳиндистон туризм соҳаси вакиллари тақдирланди.

Шунингдек энг яхши мавзуий бўлим, энг яхши тақдимот, узоқ муддатли ҳамкорлик, тиббиёт туризмига қўшган ҳиссаси учун, энг яхши сайёҳлик суғурта компанияси, энг инновацион сувенир маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси  каби номинациялар бўйича мукофотлар ҳам эгаларига топширилди.

Бундан ташқари, "Ипак йўлида туризм 2018" кўргазмаси доирасида ўтказилган ярмарка фонидаги энг яхши селфи эгалари ҳам ваъда қилинганидек мукофотланди.


DO'STLARINGA TAVSIYA ET!!!

Коммент

    Всего комментариев: 0
    avatar
    Наверх © 2018 | by Coder Murod (Abadiya) |