ЎРИНСИЗ РАШК ИЗТИРОБИ » MurodBek.net - Самые Новые Узбекские Песни

0

ЎРИНСИЗ РАШК ИЗТИРОБИ

  • Опубликовал: Murod(abadiy)
  • Дата: 08/06/2018, 18:53
  • Просмотров: 11

Иномжон таниш дарвоза қаршисида тўхтаб, бир муддат нима қиларини билмагандек, қотиб турди. Кейин журъатсизгина ёғоч эшикни бир-икки чертди. Ичкарига алланечук саросима ила қулоқ тутди. Жавоб бўлавермагач, яна бир-икки черткилади. Кейин эса ўғлининг отини айтиб чақирмоққа чоғланди:

 

- Зафар, ўв Зафар! Зафар!

 

«Қизиқ, қаерга кетишдийкин?, - ўйлади Иномжон ичкаридан ҳеч ким чиқавермагач. - Бирор жойга кўчиб кетишдимикин?»

 

Яна бир зум ноумидгина дарвоза олдида тургач, енгил хўрсиниб қўйганча, ортига бурилди. Уч-тўрт қадам юрилди. Миродил ака-ку! Дилафрузларнинг девор-дармиён қўшниси, эр-хотиннинг ўртасига совуқлик тушишига, ҳатто ажрашиб кетишига сабаб бўлган одам!

 

Иномжон индамай йўлида давом этмоқчи бўлди-ю, нималарнидир мулоҳаза қилиб, тўхтади. Миродил билан нохушгина саломлашди:

 

- Ҳа, Иномжон! Нечук? Бу томонларга қайси шамол учирди?

 

Иномжон сўроқ замиридаги кинояни пайқаб, ичидан ижирғаниб қўйди: «Бир камим сенга ҳисобот бериб ўтиришим қолувди».

 

- Шунчаки, - деди бу учрашув ўзига хуш келмаётганини яширмай, - бир қараб ўтай, дегандим.

 

- Уч йил деганда, эсингизга тушдими, - сўради Миродил қош чимириб, кейин истеҳзоли илжайди. - Айтганча, сиз энди уларга бегонасиз-ку! Йўқлаб ўтирмасангиз ҳам биров сизни айбламасди.

 

Иномжон ортиқ чидаб туролмади:

 

- Биров мени айблайдими-йўқми, бу билан неча пуллик ишим бор? Улар қаёққа кетишган, билмайсизми?

 

Шу саволнинг жавоби кифоя, шу билан бирга рақиблардек боқиб турган икки кимса ўртасидаги тасодифий учрашув хотима топар эди. Лекин Миродил негадир у билан дарров хайрлашишни истамади шекилли:

 

- Сизга бунинг нима қизиғи бор? - дея мужмал жавоб қайтарди. Ундан тузукроқ гап чиқмаслигини англаган Иномжон терс бурилиб кетмоқчи бўлганида, Миродил уни тўхтатди:

 

- Шошманг, сизда гапим бор. Юринг уйга кирамиз.

 

Иномжон беихтиёр унга томон уч-тўрт одим ташлади:

 

- Йўқ, шошиб турувдим. Шу ерда гаплашавераман.

 

Миродил кутилмаганда гап оҳангини тамоман ўзгартирди:

 

- Сиз билан анча-мунча нарсани гаплашиб олишимиз керак. Юраверинг уйга. Ўзим сизни қидириб топмоқчи бўлиб юргандим.

 

Унинг сўзларидаги сирли оҳанг Иномжонни сергак торттирди. Индамай Миродилга эргашди.

 

Уй эгаси уни чоғроққина меҳмонхонага бошлади. Иккаласи ҳам кўрпача устига чўкаркан, юзларига одат юзасидан енгилгина фотиҳа тортишди. Иномжон «Хўш, нима гапинг бор, айтавер!» дегандек мезбонга юзланди. У эса буни сезмаганга олиб, ташқарига йўналди.

 

«Ҳалиям ўша-ўша, - ўйлади Иномжон унинг ортидан тикилиб қоларкан, - сирли ва совуқ. Ҳаётимни шу одам заҳарлади. Балки... ўзимни ҳам заҳарламоқчидир».

 

Иномжон ҳаёлига келган бу фикрдан ўзининг кулгиси қистади. Қизиқ, ўзи нега келди бу уйга? Юр, деса, лўкиллаб келаверадими? Келиб-келиб... шу одамнинг уйига келадими?

 

Ҳаёт қизиқ-да! Излаб юрган кишиларинг бир томонда қолиб, мутлақо кўришни тиламаган кимсалар билан рўбарў қилаверади.

 

Миродилни биринчи кўргани куниёқ жини суймаган эди. Ўшанда Иномжон эндигина қўлига мутахассислик дипломини олган, уни шу шаҳарга яқинда очилган йирик заводга ишга жўнатишган эди. Бепоён саҳронинг қоқ ўртасидаги бу шаҳар ёзда худди дўзахдек қизиб кетар, бирор-бир таниши бўлмагани учунми, бу ерда худди ўзини сургун қилинган одамдек ҳис этарди. Кутилмаганда тақдир уни Дилафруз билан юзлаштирди. Ўшанда қиз завод яқинида жойлашган педагогика билим юртининг битирувчи курсида таҳсил оларди.

 

Узун гапнинг қисқаси, шу бўлдики, кўнгил кўнгилдан сув ичди. Тез орада ёшлар бир-бирининг қалбида учқунлай бошлаган яширин туйғулардан ҳам воқиф бўлишди.

 

Иномжон ҳар гал уни эрталаб ишга келаётганида йўлда учратар, ишдан қайтар пайтида қизнинг ўқишлари тугаб, уйига кетган бўларди. Улар фақат дам олиш кунлари бемалол дийдорлаша олардилар.

 

Улар ўшанда қанчалик бахтли эдилар-а? Орадан не-не гап-сўзлар кечган, қанча сувлар оқиб ўтган бўлсада, барибир ўша мусаффо дамларнинг тароватини Иномжон унутолмайди. Эҳтимол, Дилафруз ҳам эсидан чиқазмагандир?

 

Хумордан чиққунча шаҳар айланишар, хиёбонда арғимчоқ учишар, ўзлари севган музқаймоққа тўйгач, шаҳар марказидаги кўлда қайиқда сайр қилишар дўкон ва расталарни бемақсад кезиб, оёқлар чарчоқдан нолий бошлаганда, кун ҳам охирлаб қолар, Иномжон қизни у яшайдиган маҳалланинг бошигача кузатиб қўярди. Миродил билан ҳам ана шундай кунларнинг бирида тўқнашиб қолди.

 

Қиз билан муюлишда хайрлашиб, у кўздан йўқолгунча ортидан қараб қолганди. Энди ноумидгина ортига қайтмоқчи бўлганида қаршисидан унга томон бостириб келаётган барваста йигитга кўзи тушди. Аввал унга эътибор қилмади. Чунки Иномжон бу шаҳарга келганидан бери ҳали биронта билан яқин ошна тутингани йўқ. Фақат ўзи билан ишлайдиган уч-тўрт киши билан салом-алик қилади, халос. Ўзининг юрти – ҳеч қурса Тошкент бўлса ҳам, рўпарасидан бирорта танишининг чиқиб қолишини тусмол қилиши мумкин эди.

 

Лекин ҳалиги «нусха» роппа-роса ўзидан бир қадам нарида тумшуққа-тумшуқ бўлиб тўхтади. Иномжон беизтиёр ўзидан икки-уч энлик баланд ва хийла бақувват йигитга юзланди.

 

- Кимсан, - деди дабдурустдан сенсираб. Иномжон хийла ўзини йўқотиб қўйди, аммо дарров дадилланиб:

 

- Беъмани савол, - деди мийиғида илжайиб.

 

Йигитнинг кўзлари катта-катта очилди:

 

- Бу нима деганинг?

 

- Сиз мени танисангиз, бу саволни бермасдингиз. Демак, мени танимайсиз. Сиз билан ҳеч қаерда кўришмаганмиз. Бир-биримизга ишимиз тушмаган. Демак, менинг кимлигимни сўрашдан сизга фойда йўқ.

 

Ҳалиги «сўлоқмон» ёқимсиз тиржайди:

 

- Суқрот бўл-а, - деди одобсизлик билан бир четга «чи рт» тупуриб, - Айтмоқчиманки, анави қизнинг орқасидан нега илакишиб юрибсан?

 

«Ҳа, гап бу ёқда дегин, Мирзатерак? Бегона юрт бўлмаганда шунақа терслигинг учун бурнингни анжирдек пачақлаб қўярдим-а», ўйлади Иномжон. Негадир у билан гапни чўзиб ўтиришни хаҳламади.

 

- Мен уни яхши кўраман. Кузатиб қўйгани келувдим.

 

- Яхши кўраман, дегин. Қиз-чи, қизам сени ёқтирадими, ўзи?

 

- Мен суймаганнинг ороқасидан эргашиб юравермайман. Ўзи, буларни нега сўраб қолдингиз? - сўради энсаси қотиб Иномжон.

 

- Мен унинг қўшнисиман. Маҳалламиздаги қизларнинг дуч келган йигит билан ҳиринглашиб юрганини кўрсам қоним қайнайди. Сенам эсинг борида этагингни ёпа қол. Сендақа олифталарнинг кўпини кўрганмиз. Яна шу атрофда ўралашиб юрганингни кўрсам, сулайтириб қўяман бола, тушундингми?

 

У Иномжонга бир ўқрайди-ю, терс ортига бурилиб кетди. Ўшанда Иномжоннинг ҳам ҳам қони қайнаб кетганди. Оғзига келганини қайтармай сўкмоқчи ҳам бўлди-ю, яна бу ўзига анча қимматга тушишини ўйлаб, индамай ижарахонасига йўл олди. Йўл-йўлакай ўй суриб кетди.

 

Ким бўлди ўзи бу сўхтаси совуқ? Нега у билан бунақа оҳангда гаплашди. Ростдан ҳам қўшнисими? Унда тушунса бўлади. Ўзи ҳам маҳаллада бегона йигитлар ўралашадиган бўлса, ич-ичдан ғаши келиб кетарди. Борди-ю... Дилафрузнинг хушторларидан бири бўлса-чи? Балки, улар бир пайтлар ошиқ-маъшуқ бўлишгандир. Ахир у Дилафрузнинг ўтмишидан мутлақо бехабар-ку! У институтда ўқиб юрган пайтларида ҳам ҳар хил қизларни учратган. Йигитларни пайпоқдек тез алмаштирадиган хонимчалар унинг учун янгилик эмас. Балки, Дилафруз ҳам ўшаларнинг биридир?..

 

- Э, жиннимисиз, - деди Дилафруз иномжоннинг гинали нигоҳларига эътибор қилмай, - У Миродил ака-ку! Чиндан ҳам қўшнимиз. Болаликдан мени ҳимоя қилиб келган. Хафа бўлманг. Бироз қўрсроқ бўлгани билан ўзи яхши одам. Уйланган, болалариям бор.

 

«Уйланган»ини эшитиб, Иномжоннинг кўнгли бироз жойига тушди. Лекин барибир Миродил илк бор унда қандай таассурот қолдирган бўлса, унга нисбатан муносабати кейинчалик ҳам қилча ўзгармади.

 

Мана, ҳозир ҳам унинг уйида худди ўз ихтиёри билан зиндонга кириб, кейин надоматда қолган одам қиёфасида ўтирибди. Кўп ўтмай, Миродил бир қўлида дастурхон бошқа қўлида катта патнис билан кириб келди. Чаққонлик билан дастурхонни хонтахта устига ёзди. Патнисни унинг устига қўйиб, яна индамай чиқиб кетди.

 

Тавба, бу одамнинг мақсади нима ўзи? Бирдан меҳмоннавозлиги тутдими? Йўқ, унинг дастурхонидан луқма олгиси ҳам йўқ. Тезроқ бу ердан кетиш керак. Гапи бўлса, тезроқ айта қолмайдими?

 

Беихтиёр кўзи патнисда дид билан териб қўйилган чиройли тақсимчаларга қадалди. Тан олиш керак, Миродил дастурхон безашда устаси фаранг эди. Тўйларида ҳам югуриб-елиб хизмат қилган. Меҳмонларни кутиб олишу кузатишда, келин-куёв ўтирган столни ажабтовур безатишда ҳам унинг ўзи бош-қош бўлганди.

 

Тўй ҳам кутилмаганда бўлиб кетди. Бунгача Иномжон Дилафруз ва унинг оиласи ҳақида етарлича маълумот тўплай олганди. Битта ҳовлида ёлғиз онаси билан яшаркан. Отаси Дилафруз туғилмасидан уч-тўрт ой илгари дом-дараксиз қайтганича қайтиб келмаган. Онаси болалар боғчасида ишларкан. Кунларнинг бирида Дилафруз уни ойиси билан таништиргани олиб борганди. Онаси Раҳима опа жуда дилкаш, самимий аёл экан. Анчагина гаплашишди. Гап давомида йигитга айтиши керак бўлган ҳамма гапларини айтиб олди:

 

- Бу ёруғ оламда менинг қизимдан бўлак суянчиғим, таянчим йўқ. Шугинани деб яшаб юрибман. Қизим бахтини топса, ўзидан тиниб-тинчиганини кўрсам, армоним қолмайди. Фақат қизимни бағримдан юлиб кетишларини истамайман. Аввало, қизим бахтини топсин. Унинг ҳоҳишига қарши боролмайман. Лекин, Худодан шуни сўрайман: қизим ҳам, куёвим ҳам кўз олдимда бўлса. Мана шу ҳовли-жой шуларга. Битта болам иккита бўлади. Умримнинг қолганини шуларнинг, бола-чақаларининг хизматида ўтказардим.

 

Иномжон ҳаммасини тушунди: Дилафрузни деса ичкуёв бўлиши керак. Бир қараганда... шуниси яхши.

 

Дилафруз ёлғиз фарзанд бўлса, Иномжон оилада ўн тўрт фарзанднинг кенжаси, ака-опалари ўзидан тинчиган. Ота-она ўн уч фарзандни тенгига қўшди-ю, кенжатойининг камолини кўролмади. Ака-опалар минг қилса-да, ота-онанинг ўрнини боса олмайди. Ҳозир отасидан қолган торгина ҳовлида учта акаси бола-бақраси билан тиқилиб ўтирибди. Улар «Укамиз қачон ишлаб пул топса, ўзига уй-жой қилса, кейин уйлантирамиз», деган хаёлда юришганини Иномжон ҳам яхши билади. Қолаверса, жигарларининг ҳаммаси ўз ғам-ташвиши билан овора. Улар учун кенжа укалари қаерда яшаса ҳам ўзидан тинчиса шунинг ўзи кифоя.

 

Бироқ... Ичкуёв ичкуёв-да! Қайнонанинг уйида яшаб қайси куёв барака топдийкин? Тили қисиқ бўлиб қолмайдими? Ораларидан гап қочиб қолса, ё хотини, ё қайнонаси ёт ҳовлида сиғинди бўлиб ўтирганини юзига солмасмикин?!

 

Шу куни Дилафрузнинг онаси билан яна анча гурунглашиб ўтиришди. Гап орасида аёл ундан оиласи, насл-насаби, зот-зурриёди ҳақида ҳам анча-мунча нарсаларни билиб олди.

 

Ёмон аёлга ўхшамасди. Умуман мана шундай мунис чеҳрали, хушмуомала, истарали аёлдан бирор оғиз ёмон гап чиқишини тасаввур қилиш қийин эди. Хаёлида ичкуёв бўлишининг яхши ва ёмон томонларини чамалаб кўрди, назарида бунинг ўзи учун нобоп томони йўқдек кўринди. Уйидагилари нима деркин?

 

Ҳаммаси ўзи ўйлаганидек бўлиб чиқди. Акаларининг чеҳраси ёришди:

 

- Ҳовлиси каттагина эканми?

 

- Онаси қалай? Яхшигина аёлми ўзи?

 

- Қиз-чи? Кет-боши ўйноқлаган эмасми?

 

- Бир-бирингизни чиндан яхши кўрасизми?

 

Шунга ўхшаш саволларга ижобий жавоб эшитгача, уйдагилар «бўладиган ишни» кечиктирмасликни маъқул топишди.

 

- Энг яхшиси, шаҳар марказида уйи бор экан. Ҳозир ҳовли-жой қилишнинг ўзи бўладими? Қиз ўзингга ёқса, шартта уйланиб олганинг маъқул. Тўйинг бизга тан.

 

Кўп ўтмай Дилафрузнинг уйига бу томондан «вакиллар» жўнади. Икки томонлама музокаралар самараси ўлароқ, тўй ҳам рисоладагидек бўлиб ўтди.

 

Тўйнинг ҳамма ҳаражатларини Иномжоннинг акалари кўтаришди. Бутун қишлоқ кўчиб борганди ўшанда. Ака-опалари елиб-югуриб хизмат қилишди. Ўшанда Миродил ҳам роса жон куйдирган, уни яхши танимаганлар қизнинг яқин қариндошларидан бўлса керак, деб ўйлаганди.

 

Ҳаммаси Иномжон ўйлаганидан ҳам аъло бўлиб чиқди. Қайнонаси тилла хотин экан. Она меҳридан эрта айрилган Иномжон уни ўз онасидек кўриб қолди. Дилафруз-ку, эрини еру кўкка ишонмасди. Ялакат мағзидек бир-бирига мос эди улар. Фақат бир нарса Иномжоннинг дилини ғаш қиларди. Анави, бир кўришида ёқтирмай қолгани Миродилнинг бу ҳовлига тез-тез кириб чиқиши унга ёқмасди. Тавба, иши бўлмаса, ширин бўлиб келаверади. Баъзида алламаҳалгача қайнонаси билан чақчақлашиб ўтиради. Баъзида Дилафрузга ҳам гап ташлаб қўяди.

 

Рашк деган нарса одамнинг кўзини... ўткирлаштириб қўяди. Иномжон ҳам Миродилнинг Дилафрузга тез-тез қадалиб қоладиган нигоҳларини тез илғайди. Барибир ўз уйинг бўлмагач, қийин экан-да! Бўлмаса, анави турхат унинг уйига қадам босолмаган, босганда калтак олиб қувлаган бўларди.

 

Миродил билан аввалданоқ уларнинг сози чиқмай келган. Барибир нима дегудек бўлса, бу барзанги «Ўв, келгинди, катталигингни ўз уйингда қиласан» дейишга ҳам бориб етиши тайин. Қолаверса, унинг келиб кетиши она-болага ёқса керак-да!

 

Бир гал ҳадди сиғиб, Дилафрузга ёрилди:

 

- Нима десангиз, денг, лекин шу қўшнингиз Миродилни кўрсам зиёним ўйнайверади. Шуни кўрмасам дейман-да. Бало борми ўзи унга?

 

Бу гап табиийки Дилафрузга ёқмади:

 

- Тавба, шу пайтгача кириб-чиқиб юрган-ку! Нима энди кўкрагидан итаришим керакми?

 

- Аввал бошқа эди. Энди бошқа. Қолаверса, у бир номаҳрам эркак. Келаверадими ҳадеб?

 

- Миродил ака сиз ўйлаганчалик ёмон одам эмас. Кўнглида кири йўқ. Келса нима қипти. Сизга зарари тегмайди-ку!

 

Иномжон бошқа гапириш фойдасизлигини англади. Тўғрироғи олдинроқ сезганди. Шу одам ҳақида сал нордонроқ гапирадиган бўлса, хотини дарров унга тарафкашлик қила бошлайди.

 

Иномжоннинг ичидагисини қайнонаси ҳам сезиб қолдими, Дилафруздан бирор гап эшитганми, бир куни шу ҳақда унинг ўзи гап очиб қолди:

 

- Иномжон, бу йигит ҳам ўз боламдек бўп қолган. Болалигидан биламан. Уйда эркак йўқлиги учун тез-тез ҳолимиздан хабар олиб турарди. Бизга катта ёрдами теккан. Барака топсин. Бизникиям унга худди ўз уйидек бўлиб қолган. Сизам ундан ётсирамасангиз яхши бўларди.

 

Иномжон қайнонасини қаттиқ ҳурмат қиларди. Шунинг учун бу масалада бошқа оғиз очмади. Лекин ич-ичидан шубҳа-гумонлар улғаяверди.

 

Кутилмаганда... қайнонаси қазо қилди. Умри қисқа экан. Ўзи айтгандек, невара-чевараларининг ҳузурини кўриш пешонасига битилмаган экан. Қизининг ҳам, куёвининг ҳам кўнглини ярим қилиб кетди. Айниқса, онасидан айрилганидан кейин Дилафруз анча чўкиб қолди. Ҳовлидан файз кетгандек бўлди. Дунё шунуқада! Кимдир келади, нимадир кетади. Ҳаёт тўхтаб қолмайди. Ўз измида давом этаверади. Уларнинг ҳам турмуши бир зайлда кечаверди.

 

Айниқса, Дилафруз эрига хушхабарни етказган кунидан рангсизлашиб қолган турмушлари қайта жонлангандек бўлди. Демак, улар яқин кунларда фарзандли бўлишади. Ўз соҳибасини йўқотиб ғарибгина бўлиб қолган бу ҳовлида кўп ўтмай чақалоқ йиғиси эшитилади.

 

Иномжон ўзида йўқ шод эди. Ахир у ота бўлиши керак. Тез орада худди қуйиб қўйгандек ўзига ўхшайдиган жажжи ўғилчани бағрига босиб, жажжи қўлчаларидан ўпиб эркалатиб ўтиради.

 

Аммо, Иномжоннинг кўнгли барибир ғаш эди. Тавба, анви сурбетнинг ҳалиям қадами узилмаяпти. Қайнонасининг маъракаларида эртадан-кечгача шу ерда бўлди. Хўп, илгари, Дилафрузнинг онаси билан чақчақлашиб тургани келарди. Энди кимнинг ҳам ёнига келади, деб ўйлаганди. Тунов куни ишдан сал кечроқ қайтаётганида, Миродил уларнинг ҳовлисидан чиқиб кетаётганини кўриб, аъзойи бадани музлаб кетди. Шунда... бир лаҳзагина уларнинг кўзлари тўқнашиб кетди. Лекин, иккови ҳам индамади. Миродил индамай уйи томонга ўтиб кетди. Ўшанда Иномжон ич-ичидан ўзини сўкди. Нега шу ондаёқ ёқасига чанг солмади? Бемаҳалда меникида нима бор, дея бўйнидан ғиппа бўғиб олмайдими? Дилафруз-чи? Балки, унинг ўзи...

 

Дилафруз эрининг авзойини кўриб, ҳаммасини тушунди. Ўзини қўярга жой тополмай қолди:

 

- Ҳалиги... Миродил акам... ток қайчи сўраб чиққан эканлар. Қидириб тополмадим...

 

- Тоққайчи денг, - деди заҳарханда қилиб Иномжон, - Миродил акангиз ярим кечаси хомток қиларканми? Бу пайтда унга пишириб қўйибдими?

 

- Мен... ҳалиги... сўраб келди-да... қаердан билай?

 

Хотинининг саросимаси Иномжоннинг шубҳаларини янаям жонлантирди:

 

- Балки, сиздан бошқа нарса сўраб чиққандир?

 

Аёл эрига бир зум карахт алфозда тикилиб қолди:

 

- Вой ўлмасам, бу нима деганингиз, - деди бироздан сўнг сал ўзини босиб, - Нималар деяпсиз? Иномжон ака, эсингиз жойидами ўзи?

 

- Менга қаранг, - деди таҳдид билан хотинининг устига бостириб бораркан, - айтиб қўяй, анави сурбет ҳўкиз шу ҳовлига яна бир марта кирганини кўрсам, бирорта ножўя гап қулоғимга чалинса, кейин мендан яхшилик кутманг. Ўша куниёқ орани очди қиламиз. Худо ҳаққи, гапим гап! Бу уйдан бош олиб кетаман.

 

Иномжон шу гапни айтди-ю, шаҳд билан нариги уйга ўтиб кетди.

 

Эр-хотиннинг уриши дока-рўмол қуригунча давом этади, дейишади. Уларнинг ҳам ҳаётидаги айтди-қўйдиларнинг биринчи эмасди. Вақт ўтиб, яна ҳаммаси изига тушди. Бир томондан туғруқ палласи ҳам тобора яқинлашиб келар, ноўрин гап-сўз, нохуш кайфият ҳомилага ёмон таъсир кўрсатиши мумкинлигини англаган Иномжон ҳам мумкин қадар Дилафрузнинг кўнглини оғритмасликка ҳаракат қиларди. Энг қизиғи, ўша воқеадан сўнг Миродилнинг ҳам қораси ўчди. Ҳатто кўча-куйда ҳам кўринмайдиган бўлди.

 

Ниҳоят, орзиқиб кутилган кун етиб келди. Бу хонадонда ўғил дунёга келди. Ўшанда Иномжон қанчалар шод, қанчалар бахтиёр эди.

 

Оталик бахти – сурури қанчалар лазиз бўлишини ўша пайтларда ҳис этганди.

 

Фарзанд – инсон умрининг меваси, ҳаёт йўлининг мунаввар чироғи дейдилар. Ана шу чироқ эр-хотиннинг хирагина турмушини шуълага чўмдирган эди ўшанда. У дамларни Иномжон ҳозир ҳам айрича энтикиш билан эслайди.

 

«Меҳмон» ўша онларни кўз ўнгида жонлантиришга уринаётганида хонага бир чойнак чой, иккита пиёла кўтариб «мезбон» Миродил кирди-ю, яна хаёли бўлинди. Уни кўриб, тағин кўнгли ғашланди. Шунча ўтиргани етар. Яна чойга бало борми? Айтадиган гапини кўчадаёқ айтиб қўявермайдими?

 

- Миродил ака, оворагарчиликнинг ҳечам кераги йўқ, - деди Иномжон туришга чоғланиб, - ўзи шошиб турувдим.

 

Миродил чойнакни дастурхон устига қўяркан, нохуш хўрсиниб қўйди:

 

- Менам уйимда ётиб қолинг, деяётганим йўқ, - дея чойни қайтара бошлади уй соҳиби. - Сиз билан бундан кейин яна кўришамизми, йўқми Оллоҳ билади. Уч йил деганда энди кўришдик ўзи. Ўзи... нега кўринмай кетдингиз?..

 

«Бу даюснинг мақсади нима ўзи, ўйлади Иномжон унинг қўлидан пиёлани оларкан, - намунча гапни узоқдан бошламаса? Шап-шап дегунча шафтоли демайдими?»

 

- Россияда эдим, - дея хушламай жавоб қайтарди Иномжон, - ўзингиз биласиз, завод синиб, маоши ҳам ҳаминқадар бўлиб қолганди. Ўшанга...

 

- Оилангиз-чи, мен бегона юртга кетсам, бу ерда аҳли аёлимнинг ҳоли нима кечади, деб ўйламадингизми?

 

Тавба, нималар деяпти ўзи бу! Ҳеч нарсадан хабари йўқми, ё ўсмоқчилаб сўраяптими? Балки эрмаклаётгандир.

 

- Кетишдан олдин Дилафрузнинг жавобини бериб кетгандим. Наҳотки ўзи сизга айтмаган бўлса?

 

Кинояомуз қарашларга Миродил бардош беролмадими, ёхуд Иномжонга шундоқ туюлдими, ҳар қалай уй соҳиби нигоҳи бир нуқтага қадалганча қотиб қолди.

 

Билади! Балони билади бу сув илон! Лекин унинг қарашларидан бирор маъно уқиш душвор. Шунча қилғилиқни қилиб, бир оилани таг-туги билан қўпориб, мақсадига етмадимикин? Бу кўзларда яна қандай қора ниятлар яширинган экан-а?

 

...Ўшанда анча пайтгача Миродилнинг кўздан панада юриши, Иномжонни анча хотиржам торттирган, шунинг баробарида жиндек шубҳага ҳам солганди. Душман кўздан йўқолса, ғофил қолма, шамол ҳам кўзга кўринмай туриб, шамни ўчиради, деган эди мутафаккирлардан бири.

 

Йиллар шамолдек тез ўтарди. Бир пасда Зафаржон ҳам катта бола бўп қолди. Иномжон ота бўлмасидан илгари туғилажак ўғлини бутунлай бошқача тасаввур қиларди. Худди ўзига ўхшаган, юзлари оппоқ, сочлари қўнғирранг, кўзлари мовийга мойилроқ, киприклари узун-узун...

 

Лекин Зафаржоннинг қиёфаси отасининг тасаввурларига мос эмасди. Сочлари ҳам, қош-кўзлари ҳам зулукдек қоп-қора, ўзиям қорачадан келган, юзида ярашиқли кулгичлари ҳам бор. Хуллас, ойисининг ўзгинаси эди. Баъзида ўғлини қўлига олиб эркаларкан, унга термулиб, ўғил деган отасига қуйиб қўйгандек ўхшаса, деб афсусланиб ҳам қўярди. Шунда Дилафруз, «Буниси менга ўхшаган, иккинчисини ўзингизга ўхшатиб туғиб бераман» деб қўярди.

 

Фалокат бир келса, қўша-қўша келаркан. Қишлоқдан тоғасининг қазо қилганини эшитгач, оиласига бир оғиз «Мен кетдим» деди-ю, жўнаверди. Шаҳарга қайтганида, уни яна бир шумхабар кутиб турарди. Зафаржон кўчада, қум устида ўйнаб ўтирган пайти бир саёқ машина туртиб кетибди. Бола бечора анча берига учиб кетибди. Яхшиям, вақтида касалхонага етказишган экан...

 

Бу нохушликни эшитибоқ, Иномжон шошилинч ёрдам марказига югурди.

 

- Айни вақтда келдингиз, - деди шифокор уни ҳадик билан қарши оларкан, - ўғлингиз кўп қон йўқотган. Унга қон қуйишимиз керак.

 

Ота бундай пайтда қони тугул, жонини ҳам аямайди.

 

- Бўпти, қанча қон керак бўлса, бераман. Ўғлим тузалиб кетса, бас.

 

Аввалига Иномжоннинг бармоғидан шунчаки таҳлил учун қон олишди. Қон гуруҳи дарҳол маълум бўлди.

 

- Афсус, - деди шифокор аянч билан бош чайқаб, - Қонингиз иккинчи гуруҳники экан. Болангизники эса – бир. Ўзингиздан қолар гап йўқ, биринчи гуруҳга мансуб қон бошқа гуруҳдаги қонни қабул қилолмайди.

 

Иномжон сапчиб ўрнидан туриб кетди.

 

- Нима? Ота билан боланинг қони ҳар хил бўлишиям мумкинми? Ахир, у менинг...

 

- Мумкин. Шунақасиям бўлади.

 

- Ахир қанақасига...

 

- Ҳозир буни тушунтириб ўтирсак вақтимиз кетади, - деди оқсоч шифокор тунд қиёфада, - аксига олиб бизнинг заҳирамизда ҳам А гуруҳидаги қон қолмабди. Ўғлингизни қон қуйиш марказига жўнатмоқчи эдим. Аҳволи сал оғирроқ. Унга азият етиши мумкин. Имкони бўлса – сизга битта ходим қўшиб бераман, ўша ердан қон олиб келасиз.

 

Иномжон машина ёллаб айтилган манзилга жўнади. Иш бир тескарига кетмасин экан. У ердан ҳам ноумид қайтишга мажбур бўлди. Унга керак бўлган қон гуруҳи тугаб қолганмиш...

 

Юрагини ҳовучлаб ортига қайтди. У ҳозир ўғлини уриб кетган номард ҳайдовчининг кимлиги, қаёққа ғойиб бўлгани ҳақида ҳам, муштипар хотини қаерда, нима қилаётгани ҳатто, нима сабабдан қони жигарбандига тўғри келмагани ҳақида ҳам ўйламас, фақат битта саво чарх урурди: Ўғлига нима бўлади энди? Наҳотки...

 

Нажот ҳеч кутилмаган ердан чиқди. Ўғлини асраб қолиш учун керакли қонни топишди. Дўхтирдан бу гапни эшитган заҳоти, жон тарк этаёзган вужудига мислсиз мадор оқиб киргандек бўлди. Каридорнинг бир бурчагида ноумидгина мунғайиб ўтирган хотинини ҳам энди кўрди. Унинг ёнига югурди:

 

- Нима, сиздан қон олишдими?

 

Дилафрузнинг ҳам рангида ранг қолмаган, йиғлайвериб қовоқлари олхўри донасидек бўртиб чиққанди.

 

- Йўқ, - деди – беҳол товушда, - Шунча ялинсам ҳам мендан қон олишмади. Қон босимим паст экан. Кейин, менга мумкин ҳам эмас, дейишди.

 

- Унда ким?..

 

- Сиз кетишингиз билан, Миродил ака келганди. Шунақа-шунақа девдим, кейин ўзи...

 

Бўлди, у ёғини эшитмади. «Миродил» сўзи қулоғига кириши билан мияси фавқулодда тезлик билан ишлаб кетгандек бўлди.

 

Нима? Ким? Миродил? Миродил билан Зафаржоннинг қони бир эканми? Бундан чиқадики... Тушунарли, ана энди ҳаммаси аён бўлди. Миродилнинг шубҳали ташрифлари, айниқса, ўша охирги тўқнашувдан сўнг, қорасини кўрсатмай кетиши, Зафаржоннинг ўзига у қадар ўхшамаслиги ва ниҳоят бояги таҳлил хулосаси.

 

Во дариғ? Инсон зотини шунчалар ҳам ғафлат босадими? Наҳот бу мудҳиш ҳақиқатни англаб етиш учун шунчалар узоқ муддат керак бўлди. Наҳот шу вақтдан бери ўз жигарим дея бағрига босиб келган бола бошқа бир вужуддан туғилган бўлса? Наҳот вафодор билган жуфти ҳалоли шу пайтгача ҳаром билан жуфтлашиб юрган бўлса? Наҳотки унинг кўзлари шу фурсатда, сўнгги дамда мошдек очилди. Шунчалар кеч!

 

Бир зумда Иномжоннинг кўз олдида замону макон бир-бирига қоришиб чархпалакдек айлана бошлади. Ўзини тамомила йўқотиб, бошини чангаллаганча деворга суяниб қолди...

 

- Дадаси , сизга нима бўлди?

 

Иномжон аввал ҳеч нарсани тушунмагандек бир муддат Дилафрузнинг кўзларига тикилиб турди. Кейин... Жуда тезликда ўзини қўлга олди. Вужудига қандай ёвуз куч оқиб кирганини сезмади.

 

- Бу ёққа юр, - деди тишларини тишларига босиб пишқираркан, хотинини икки эшик наридаги холи вестибюл томон судради. Эридаги ғайриоддий ўзгариш таъсирида Дилафруз ҳам қаерда, нима учун ўтирганини унутаёзди:

 

- Ҳа, ҳа, даадаси, нима гап ўзи?

 

- Қонни Миродил бердими?

 

- Ҳа, дедим-ку. Нима қипти.

 

- Нега у сенинг ўғлингга қон беради? Нега унга менинг эмас, айнан ўша маразнинг қони тўғри келади.

 

Дилафруз энди ўзини тамоман олдириб қўйган, кўзлари чаноғидан чиқар даражада катталашиб кетганди.

 

- Вой, мен қаердан биламан ахир?

 

Иномжон хотинининг юзига тарсаки тортиб юборишдан ўзини аранг тийиб қолди. Лекин ич-ичидан қайнаб чиқаётган ҳақоратомуз гапларни тўхтатиб қололмади:

 

- Нега билмайсан, боланг кимдан бўлганиниям билмайсанми? Ана, қони ҳам тўғри кепти-ку! Ўзи сезувдим. Ҳаммасини тусмоллаб юрардим. Мана, ниҳоят сир очилди.

 

Хотини даҳшатдан тахтадек қотиб қолди:

 

- Дад... даси, ахир... сиз, йўқ... бунақа – тили ҳам калима тутмай қолди.

 

- Мен ҳам шу чоққача бир шаллақи бузуқни хотин қилиб келдимми, бир бетайиндан туғилган ҳаромини болам, деб келдимми, - дея жағлари қалтираб, секин, аммо таҳдидли овозда шивирлай бошлади.

 

- Дадаси, - деди бу гал ўзини аранг қўлга олиб, - оғзингизга қараб гапиринг. Одамлар нима дейди? Бу ёқда ўғлингиз икки йўлнинг орасида турибди.

 

Иномжоннинг кўзларида нафрат ёнди:

 

- Менинг сендақа хотиним ҳам, болам ҳам йўқ, эшитдингми? Сенларнинг қорангни ҳам кўришни истамайман. Биз энди тамоман бегонамиз. Энди сенлар ҳам мени бошқа кўрмайсанлар.

 

Шу гапларни айтди-ю, бу шаҳарни тамомила тарк этди. Қишлоққа қайтди. Уйдагиларга хотини билан ораси бузилиб қолганини, ниҳоят ажрашганини айтди. Акаларининг фиғони фаоакка чиқди:

 

- Аҳмоқ, нега бунақа қилдинг? Тайёр уй-жойинг, ишинг. Оилангни ташлаб келдингми?

 

- Қўрқманг, - деди у туйқусдан ўзини бардам тутиб, - Сизга ортиқча юк бўлиш учун келганим йўқ. Ўзим бир кунимни кўриб кетарман.

 

Дарҳақиқат, қишлоқда узоқ турмади. Таниш-билишларининг маслаҳати, кўмаги билан ўзига тузукроқ иш топиш, анча-мунча пул йиғиб, бирорта манзил қуриш учун Россияга жўнаворди.

 

Вақт ўтиши билан бир пайтлар бутун борлиғини ўз измига солган ғазаб ва нафрат ҳам изсиз йўқолди. Фақат қалбида сўнгсиз пушаймонлар, оғриқли армонлар қолди. Балки, шашгандир, жаҳл келганда ақли қочгандир? Чиндан ҳам шунча кўргулик унинг ҳаётида юз бердими? Бутун орзу-умидлари, бахту қувончи мағзава бетидаги рангдор кўпикдек бир зумда йўққа чиқдими? Дилафрузнинг хоинлиги ростмиди? Зафаржоннинг бегоналиги ҳақиқатмиди?

 

У уч йил совуқ ўлкаларда ишлаб, ана шу азобли саволлар оғушида яшади. Сокин кунларини эслаб юраклари эриб оқди. Майли эди, ўша саодати ёлғон пардасига ўралган бўлса ҳам уни тарк этмаса эди. Қанийди шу мудҳиш ҳақиқат умр бўйи унинг учун сир бўлиб қолса эди. Аслида бу ёруғ дунёда ҳамма нарса нисбий. Мутлақлик фақат Яратгангагина хос.

 

Дунёда қанчадан-қанча одам ёлғон муҳаббат, алдамчи бахт қуршовида умрларини шод-ҳуррам ўтказадилар. Ахир энг даҳшатли нарса хиёнат эмас, унинг юзага чиқиши, фош бўлиши-ку!

 

Иномжон ҳам бундай азобли, соғинчли ҳислар ўтида ёнган чоғида, бундан кўра бир умр алданиб яшашга ҳам рози эканини ич-ичидан ҳис этарди. Лекин, энди ҳамма нарса тугуган. Орадаги муносабатлар якун топган. Фақат ҳали қонуний никоҳ бузилгани йўқ. Уларни боғлаб турган ўргимчак тўридек ришта шу холос.

 

Барибир. Дилафруз билан учрашади. Ўғли бўлмада-да, Иномжондаги оталик меҳрини ўғирлаган Зафаржонни кўриши мумкин. Дарвоқе, у гўдакнинг гуноҳи нима? Ҳамма айб шу бегуноҳ ҳилқатни дунёга келтирган икки бандаи гумроҳда эмасми?

 

Йўқ, Иномжон улар билан аввалгидек яшаб кетолмаслиги аниқ. Лекин... Ҳеч бўлмаганда уларни бир бор бўлмсада кўришни жиндай истай бошлаганди.

 

Дарвоқе, улар билан учрашиш учун ҳозирча баҳона бор-ку. Лоақал сўнгги риштани узиш учун ҳам Дилафруз билан, шу орқали Зафаржон билан учрашув имкони бор-ку!

 

Рус ўлкасидаги уч йиллик ғурбатдан сўнг Иномжоннинг қалбидаги қайсар илинж уни шу ёққа бошлаб келганди...

 

... - Нега бундай қилдингиз?

 

Миродилнинг фавқулодда ўктам овози Иномжонни сергак торттирди. - Нима деди ўзи? Наҳот ҳеч нарсани билмайдиган бўлса? Туллак!

 

Иномжон бўғзига қадалиб турган нафратни ортиқ тутиб туролмади:

 

- Сизнинг орангизда учинчи одам бўлиб қолишни, сизларга ҳалал беришни истамадим.

 

- Хонада совуқ жимлик чўкди:

 

- Нималар деётганингизни биласизми ўзи?

 

- Билганда қандоқ? Сиз ҳам барини била туриб билмасликка олмасангиз эди...

 

Миродил бошини қуйи солди.

 

- Биламан, - деди дастурхоннинг бир четидан кўз узмай, Дилафрузни, Зафаржонни қай аҳволда ташлаб кетганингдан (негадир Миродил даъфатан уни сенлашга ўтди) хабарим бор. Шунчалик ғуруринг баланд экан, рашкинг зўр экан ўзинг шубҳа қилган одамга бу ҳақида лом-мим деганмидинг? Ўша куни Дилафрузни қон қақшатиб кетдинг. Мард бўлсанг, келиб менинг ёқамдан олмайсанми. Ё қўрқдингми?

 

Иномжон «ярқ» этиб уй эгасига тикилди. Унинг кўзларида ғазаб ёнарди:

 

- Нима? Сиздан қўрқаманми?

 

- Қўрқасан. Унда нега бир марта бўлсин «Сен ўзи менинг хотинимга ким бўласан» деб сўрамадинг?

 

- Бунга ҳажат ҳам йўқ эди?

 

- Ҳожат эмас, журъат йўқ эди сенда. Билмасанг, билиб қўй. Дилафруз менинг бир қориндан талашиб тушган синглим бўлади!

 

Иномжон аввал ҳамсуҳбатининг тилидан учган гапларнинг моҳиятини идрок этлолмагандек, бир зум талмовсираб қолди. Кейин эса, беихтиёр оёққа қалқди.

 

- Йўғ-э... Сиз ҳали... Бу бўлиши мумкин эмас.

 

Жуда-жуда мумкин, - деди Миродил фавқулодда сокинлик билан. - Биз ака-сингил эдик. Ўшанда мен биринчи синфни тугутаётган эдим. Синглим эса ҳали бир ёшга ҳам тўлмаганди. Ўша машъум кунда отам онам билан қўшни вилоятга, тоғамларникига тўйга кетишганди. Биз бувим билан уйда қолгандик. Кечга яқин аввал мудҳиш шумхабар, кейин эса, автоҳалокатга учраган ота-онамнинг жонсиз жасадларини опкелишди...

 

Биз кекса чол-кампирнинг қўлида қоп кетдик. Раҳима хола (У кишини худо раҳмат қилсин) бизнинг маҳаллага эндигина кўчиб келганди ўшанда. Кейин бувимдан сўраб билдимки, шўрлик аёл икки марта турмуш қурган, лекин фарзандсизлик туфайли ажрашишга мажбур бўлган экан. Келиб яқин атрофдаги боғчаларнинг бирига ишга жойлашган.

 

Топиш-тутиши ёмон эмасди. Фақат... тирноққа зор эди, бечора. Болаларни жонидан ортиқ кўрарди.

 

«Дилафрузни менга беринг, ўзим ҳеч кимдан кам қилмай ўстираман» дея Худони зорини қилавергач, бувим бобом билан маслаҳатлашиб, синглимни шу аёлга беришга қарор қилганди. Олдинига «Синглимни ҳеч кимга бермаймиз» деб роса тўполон қилганман. Аранг кўндиришган. Барибир Дилафруз билан бирга катта бўлдик. Фақат, мен унинг акаси эканимни билмай ўсди. Чунки, бувим мендан шуни қаттиқ талаб қиларди.

 

Раҳима опа бутун умрини шу синглимга бағишлади. Фақат шуни деб яшади. Раъйига қарши бормади. Мен ҳам ич-ичимдан акалик масъулиятини ҳис этиб, имкон қадар синглимнинг юриш-туришига кўз-қулоқ бўлишга ҳаракат қилдим.

 

Сен ўринсиз рашк туфайли синглимни ташлаб кетганингни эшитиб, изингдан тушдим. Лекин, тополмадим. Мана, дийдорлашувимиз шу кунга белгиланган экан... Бор гап шу.

 

Миродил оғир хўрсиниб, пиёлада совуб қолган чойга ҳиссиз термулиб қолди. Кейин эса зимдан меҳмонга қадалди.

 

Иномжон унинг назарида жуда секинлик билан кичрайиб бораётгандек эди.

 

- Нега, менга шуни эртароқ айтмадингиз, - деб сўради.

 

Миродил алам билан:

 

- Сенинг бунчалар бадҳоҳ, жлҳил эканингни билганимда...

 

Ўз шаънига ёғдирилаётган бу ҳақоратомуз сўзлар энди Иномжонга таъсир қилмасди гўё.

 

- Улар ҳозир қаерда? Ҳозироқ қидириб бораман.

 

- Ҳожати йўқ, - деди Миродил совуққонлик билан, - Дилафруз аллақачон турмушга чиқиб кетган. Зафаржон ҳам ота-она меҳридан бебаҳра эмас. Энди... уларга тегмаганинг маъқул.

 

- Нега, ҳали биз расман ажрашганимиз йўқ-ку!

 

- Лекин, шарий томондан у сенга бегона бўлган. Ихтиёри ўзида эди. Тенгини топиб тегиб кетди.

 

Иномжон тамомила ожиз қолганди.


DO'STLARINGA TAVSIYA ET!!!

Коммент

    Всего комментариев: 0
    avatar
    Наверх © 2018 | by Coder Murod (Abadiya) |